Остона шаҳрида хавфсизлик ва трансмиллий таҳдидларга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди
2026-05-19 10:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 май куни Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” форматида ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу анжуман бугунги глобал таҳдидлар шароитида хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун минтақа мамлакатлари вакилларини бир майдонга жамлади.
Тадбир доирасида дастлаб делегация раҳбарлари Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлдилар. Суҳбат чоғида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон раҳбари Марказий Осиё давлатлари ва Хитойнинг барқарорлик, жамоат тартиби ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, тадбирнинг кун тартибига биноан ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг иккинчи учрашувида ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида тезкор маълумот алмашинуви самарадорлигини ошириш ҳамда трансмиллий жиноий гуруҳларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш масалалари кўрилди. Айниқса, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, одам савдоси, кибержиноятчилик ва халқаро жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши курашишда ҳамжиҳатлик муҳим эканлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги яна бир муҳим мавзу сифатида экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада иштирокчилар минтақада самарали миграция сиёсатини юритиш ва аҳоли орасида радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни жадаллаштириш зарурлигини билдирдилар.
Делегация раҳбарлари ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги органлари ходимларини касбий тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Томонлар таълим дастурларини такомиллаштириш, қўшма ўқув машғулотлари ва тренинглар ташкил этиш, мутахассислар алмашинувини кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этишга келишиб олдилар.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан:
- гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш бўйича уюшган наркогуруҳлар томонидан фойдаланилаётган янги йўлаклар ва молиявий оқимларни фош этиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш;
- тақиқланган материалларни тарқатувчи каналлар ва яширин криптобиржалар, қидирувдаги шахслар ҳамда фирибгарликнинг янги усуллари тўғрисида ўз вақтида маълумот улашишни йўлга қўйиш;
- террористик ва экстремистик ташкилотлар ҳамда уларнинг аъзолари, жумладан интернетда тарқатилаётган радикал мазмундаги контентлар тўғрисида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир идорадан масъул алоқа офицерларини тайинлаш таклиф этилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда радикал гуруҳлар ва ғояларга мойил шахсларни жамиятга интеграция қилиш, диний мутаассибликка берилганлар билан профилактик суҳбат ўтказиш орқали уларга ислом динининг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича “ишчи гуруҳлари”нинг тажрибаси етказилди.
Мазкур ишчи гуруҳлар фаолиятининг амалий натижадорлигини инобатга олган ҳолда, бундай тажрибани минтақанинг бошқа давлатларида ҳам қўллаш таклиф этилди.
Иштирокчилар томонидан Ўзбекистоннинг таклифлари қўллаб-қувватланиб, истиқболда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида йиғилиш баённомаси имзоланди.
«Марказий Осиё – Хитой» форматидаги мазкур учрашув хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.






