Хотира уйғонса гўзалдир. Ҳамон шогирдлари қалбида
2026-05-18 20:10:00 / Янгиликлар

Инсон умрининг энг катта мукофоти — лавозими ёки унвони эмас, балки ортидан яхши ном ва эзгу хотира қолишидир.
Ана шундай шарафга сазовор бўлган инсонлардан бири юридик фанлар доктори, профессор, генерал майор Матрасул Собировдир.
Матрасул Собиров 1950 йил 15 май куни Хоразм вилоятининг Боғот туманида таваллуд топди. Ёшлигиданоқ илмга чанқоқлиги, изланувчанлиги ва қатъияти билан аксар тенгдошларидан ажралиб турарди. У 1971 йилда Таганрог давлат педагогика институтини муваффақиятли тамомлади. Кейинчалик собиқ Иттифоқ ИИВ Тошкент олий мактабида таҳсил олиб, ҳуқуқшунослик ва бошқарув соҳасидаги билимларини янада мустаҳкамлади.
Хизматини Давлат хавфсизлиги тизимида бошлаб, кейинчалик ички ишлар органларида масъул раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борди. Бухоро вилояти ИИБда раҳбарликнинг турли босқичларида орттирган бой тажрибаси, ташкилотчилик салоҳияти кейинчалик унинг таълим тизимидаги фаолиятида ёрқин намоён бўлди.
1994 йилда Матрасул Собировнинг ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби бошлиғи этиб тайинлангани бу маскан тарихида янги босқичнинг бошланиши бўлди. У раҳбарлик қилган йилларда таълим даргоҳида ўқув жараёнини тубдан такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ошириш, профессор-ўқитувчилар таркибини кучайтириш, замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айнан устознинг ташаббуслари билан таълим муассасасида янги ўқув- лаборатория бинолари қад ростлади, спорт иншоотлари, маънавият маркази, музей, тиббиёт корпуси ва бошқа кўплаб объектлар барпо этилди ёки капитал реконструкция қилинди. Ўқув хоналари замонавий техник воситалар, лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий ёнғин ўчириш техникалари билан таъминланди. Бу, ўз навбатида, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқди.
Профессор Матрасул Собиров серқирра олим сифатида ҳам катта илмий мактаб яратди. Унинг илмий изланишлари натижасида ўнлаб илмий мақолалар, монографиялар, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди, ихтиролар учун патентлар олинди. Устоз ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этди. Энг муҳими, у илмни ҳаётдан айро тасаввур қилмаган ҳолда назария ва амалиётни уйғунлаштира олди. Шу боис унинг шогирдлари нафақат чуқур касбий билимга эга, балки Ватанга ва бурчга содиқ, юксак маънавиятли етук мутахассислар сифатида камол топди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти, илм-фан ва инновациялар йўлидаги дадил қадамлар ташланмоқда, халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда, таълим сифати ва амалий тайёргарлик борасида улкан ютуқлар қўлга киритиляпти. Буларнинг барчаси кечаги кун билан бугуннинг узвий боғлиқлигини кўрсатади.
Ҳар бир мустаҳкам бино пишиқ пойдевор устига қурилгани каби, бугунги тараққиёт ҳам ўз вақтида бунёд этилган мустаҳкам асосга таянади. Ана шу пойдевор яратилишида генерал майор Матрасул Собировнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади. Унинг узоқни кўра билган раҳбар сифатидаги қарорлари, таълим ва тарбия соҳасидаги жонкуярлиги, илмий муҳитни шакллантиришга қаратилган ташаббуслари бугун ҳам ўз самарасини бермоқда. Академиянинг ҳозирда эришаётган муваффақиятларида устознинг ҳам заҳматли меҳнати мужассамдир.
Матрасул Собиров бугун орамизда жисман бўлмасада, ўзининг яратган мактаби, эзгу ишлари, илмий мероси, тарбиялаган минглаб шогирдлари ва қалбларда қолдирган ёрқин хотираси билан ҳамон яшамоқда. Ҳар сафар ФВВ Академияси тарихи, фидойилик, ҳалоллик, раҳбарлик масъулияти ва устозлик мақоми ҳақида сўз борганда, бу улуғ инсон номи чуқур ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади.
Бундай фидойи инсонларни эслаш — бу нафақат ўтганларга ҳурмат бажо келтириш, балки бугунги авлоднинг эртанги кун олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этиши демакдир.
Зеро, инсон умри йиллар билан эмас, қалбларда қолдирган хотираси билан ўлчанади. Профессор, генерал майор Матрасул Собиров эса ҳамон авлодлар қалбида яшаётган устоздир.
Зикрилла Неъматов, истеъфодаги полковник. «Постда»
