ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган “Оқ уй” ҳамда “Файзиобод” маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалий ишлар ўрганилди
2026-05-18 16:35:00 / Янгиликлар

Ўрганиш жараёнида маҳаллаларда профилактика ишларини самарали ташкил этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳалла еттилиги аъзолари, профилактика инспекторлари ва мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Тадбир давомида маҳалла еттилиги фаолияти, жумладан маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспекторининг аҳоли билан манзилли ишлаш тизими таҳлил қилинди. Айниқса, профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, ижтимоий муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларни барвақт аниқлаш бўйича амалий ишлар самарадорлиги муҳокама этилди.
Генерал-майор Баходир Мирзарахимов томонидан маҳаллаларда “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишларни тизимли давом эттириш, аҳоли билан яқин мулоқотни кучайтириш ҳамда профилактик чора-тадбирларни манзилли ташкил қилиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, маҳалла еттилиги ва профилактика инспекторларининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи





