Шонли тарихдан сўзловчи маскан
2026-05-18 11:30:00 / Янгиликлар

Маълумки, музейлар аждодлардан мерос бўлган маданий бойликларни, тарихий хотираларни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий ва маданий-маърифий муассаса ҳисобланиб, уларнинг вазифаси тарихий ҳужжатлар, маданий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш ва кенг халқ оммасига намойиш қилишдан иборат.
Музейлар фақатгина маданий бойликлар ва қадриятлар намойишигина бўлиб қолмасдан, улар бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи, шу билан бирга буюк аждодларимиз жасорати ва даҳосидан илҳом олиб келгуси юксак марралар сари олға бошловчи йўлчи юлдуз ҳамдир.
Қарийб 50 йиллик тарихга эга Ички ишлар органлари тарихи музейи мамлакатимиздаги музейлар орасида ёшларни ўзига жалб қилаётган, ташриф буюрувчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлаётган ноёб маданий-маърифий маскан сифатида ўз ўрнига эга.
Ушбу музейга ташриф буюрган ҳар бир инсон нафақат ички ишлар органлари тарихи ва фаолияти, эл-юрт тинчлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар, бу борада ўрнак кўрсатган ходимларнинг шарафли фаолияти билан яқиндан танишади, балки тинчлик ва хавфсизликнинг бебаҳо неъмат эканлигини ҳам англаб етади. Шу боис музей аҳоли, айниқса, ёшларнинг севимли масканларидан бирига айланган.
Ички ишлар органлари тарихи музейига жорий йил бошидан буён 1 875 нафар фуқароларнинг (хорижий делегация аъзолари – 31 нафар, ИИО ходимлари – 460 нафар, курсантлар -104 нафар, талаба ва ўқувчилар – 1219 нафар, бошқа фуқаролар – 83 нафар) ташрифлари ташкил этилди, музей ходимлари томонидан уларга 91 марта экскурсия хизматлари кўрсатилди. Ушбу ташрифлар вазирлик расмий сайти, ҳудудий Ички ишлар органлари ва таълим муассалари расмий сайтлари ҳамда “Постда-На посту” газетаси ва ижтимоий тармоқларда ёритиб борилмоқда.
Музей соҳа тарихига оид ноёб ашёларни сақлаш ва намойиш этиш билан бирга ёш авлодда ички ишлар органлари хизматига қизиқиш уйғотиш, она юрт тинчлиги йўлидаги хизмат ғоятда шарафли хизмат эканлигини англатиш орқали тизимга юрагида ўти бор, шижоатли ёшларни жалб этишда ҳам ўзига хос рол ўйнайди.
Шу мақсадда, жорий йилнинг март ойидан Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан жойлардаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг уюшган ҳолда музейга ташрифларини ташкил этиш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Унга асосан қисқа вақтда 18 та давлат ва хусусий олий ўқув юртларининг 727 нафар талабалари музейга ташриф буюрди, уларга 24 марта экскурсия хизмати кўрсатилди.
Жумладан, ички ишлар органларининг бой тарихи, эл-юрт осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, ўз ҳаётини юрт осойишталигига бағишлаган фидойи ходимларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, сўнгги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
Шу ўринда, музей таълим муассасалари раҳбарияти билан ташрифлар доирасида олдиндан келишилган ҳолда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирокида ёшларда ҳуқуқий маданиятни ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган интерактив давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини маълум қиламиз.
Ушбу тадбирлар ёш авлодни юртимиз тарихининг номаълум саҳифалари, ички ишлар органлари тарихи ва фаолияти билан яқиндан таништириш орқали уларни ватанпарварлик, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳамда ёшларда ҳуқуқий онг ва маданиятнинг юксалишига, ҳуқуқбузарликка қарши ижтимоий иммунитетнинг шаклланишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида, Ички ишлар органлари тарихи музейи Шайхонтоҳур тумани, Беруний шоҳ кўчасида Ички ишлар вазирлиги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида жойлашган. Музей жамоатчилик учун очиқ бўлиб, иш вақти ҳафтанинг душанба-шанба кунлари соат 09.00 дан 18.00 гача. Музейга кириш бепул.



