Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди
2026-05-18 11:20:00 / Янгиликлар

Маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган Президент Қарорининг ижроси юзасидан жойларда ўрганиш ишлари давом этмоқда. Янгиҳаёт туманида бўлиб ўтган учрашувда мана шу мавзу кенг муҳокама қилинди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғи, прокурори, Миллий Гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, туман ИИО ФМБ бошлиғи, прокуратура, ҳокимият вакиллари, маҳалла еттиликлари ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Туманда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, жорий йилнинг тўрт ойи давомида содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида сўзга чиққанлар дастлаб амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, туманда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 2,3 фоизга пасайгани, 15 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмагани, 14 та маҳаллада аҳоли сонига кўра жиноят камайгани яхши натижа бўлсада, бироқ, оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ошгани ташвишли ҳолат эканлиги қайд этилди.
Қайд этилган даврда профилактика инспекторлари томонидан жами 1 660 нафар ижтимоий профилактика объектларига хулосалар тақдим этилган. Ушбу хулосаларнинг 81 фоизи, яъни 1 358 нафари бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, қўшма хулосалар расмийлаштирилган. Бироқ, 302 нафар ёки 19 фоиз фуқароларнинг муаммолари ҳанузгача ҳал этилмаган. Ижтимоий профилактика тадбирлари манзилли амалга оширилмаганлиги оқибатида муқаддам судланганлар, ёшлар, аёллар, вояга етмаганлар ва ишсизлар томонидан жиноят содир этилишига қўл қўйилган.
Туманда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятларни олдини олиш мақсадида масъулларга бир қатор топшириқлар берилди. Жумладан, маиший турдаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида нотинч оилалар билан ишлаш, ижтимоий-маиший низоларни барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, маҳалла еттилиги ҳамкорлигини кучайтириш, содир этилган жиноятларни муҳокама қилиш, тузилган йўл хариталарини қайта хатловдан ўтказиб, манзилли режаларни белгилаш шулар жумласидандир.
Бу каби учрашувлар бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



