Бухорода оилавий болалар уйлари ва болалар учун ташкил этилган «Кичик ҳажмли» марказлар фаолияти ўрганилди
2026-05-18 11:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг ўринбосари ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ҳудуддаги оилавий болалар уйлари ва болалар учун ташкил этилган «Кичик ҳажмли» марказларда жойлаштирилган вояга етмаганларнинг яшаш ва тарбияланиш шароитлари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида тарбияланувчиларга яратилган маиший шароитлар, уларнинг таълим-тарбия жараёнлари, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, тиббий хизмат ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, вояга етмаганлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, турли салбий иллатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсия ҳамда тушунтиришлар берилди.
Масъуллар томонидан тарбияланувчиларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мазкур тадбирлар вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва назоратсизликнинг олдини олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



