Ички туризм. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!»
2026-05-18 08:30:00 / Янгиликлар

Ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ИИВ ҳузуридаги ЖИЭДнинг Минтақавий мувофиқлаштириш марказлари ҳамда колониялари бошлиқлари ва уларнинг оила аъзоларининг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Саёҳат давомида улар пойтахтимизнинг Зарқайнар кўчаси бўйлаб сайр қилишди. Қадимийлик ва замонавийликни уйғун ҳолатда ўзида мужассам этган маскан барчада катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг Ислом цивилизацияси марказида бўлишиб, бу ерда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тарихий экспонатлар ва замонавий кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, аждодларимизнинг илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳаммани ҳайратга солди.
Шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари «Ғалаба боғи» ҳамда «Шон-шараф» музейига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда мардлик ва жасорат кўрсатган аждодларимизни ёдга олишди, Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатилган қаҳрамонлик лавҳалари билан яқиндан танишдилар. Музей экспонатлари ва боғ ҳудудидаги тарихий ёдгорликлар уларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Хулоса қилиб айтганда, саёҳат ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун нафақат маданий ҳордиқ, балки Ватан тарихи, миллий қадриятлар ва аждодлар меросига бўлган ҳурматни янада кучайтирувчи муҳим маънавий-маърифий тадбир бўлди.
