Андижон вилояти ИИБда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича ўқув семинари ташкил этилди
2026-05-17 17:55:00 / Янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятини рақамлаштириш, хусусан «Ягона ҳимояланган электрон ҳужжат айланиш тизими»ни амалиётга кенг жорий этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур топшириқлар ижросини Андижон вилоятида самарали ташкил этиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан соҳавий хизматлар ва масъул ходимлар иштирокида амалий ўқув семинари ўтказилди.
Семинар давомида иштирокчиларга «Ягона ҳимояланган электрон ҳужжат айланиш тизими»нинг имкониятлари, унинг иш самарадорлигини оширишдаги ўрни, ахборот хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳамда хизмат фаолиятида ҳужжатлар билан ишлаш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган қулайликлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, электрон ҳужжат айланиш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш тартиблари, амалиётда учраётган айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан амалий тушунтиришлар берилди. Тизим орқали хизмат фаолиятида инсон омилини қисқартириш, ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда вақт тежамкорлигига эришиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида соҳада ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, рақамли трансформация жараёнларини янада жадаллаштириш, замонавий технологияларни ички ишлар органлари фаолиятига кенг татбиқ этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда рақамлаштириш жараёнлари — ички ишлар органлари тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда тизим фаолиятида очиқлик ва самарадорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати








