Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази халқаро технологик форумда иштирок этди
2026-05-17 12:00:00 / Янгиликлар

ИИВ «Хавфсиз шаҳар» марказининг бир қатор масъул ходимларидан иборат делегацияси Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган «GITEX AI Central Asia & Caucasus Kazakhstan 2026» халқаро технологик форумида иштирок этди
Ташкил этилган мазкур йирик халқаро тадбир сунъий интеллект, рақамли трансформация, киберхавфсизлик, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, «ақлли шаҳар» технологиялари ҳамда замонавий рақамли инфратузилмаларни ривожлантириш йўналишларини қамраб олган.
Форум доирасида «Хавфсиз шаҳар» маркази вакиллари Huawei компанияси масъуллари билан ҳамкорлик юзасидан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, «AI + хавфсиз тармоқ» йўналишидаги ечимларни ўрганиш ҳамда уларни «Хавфсиз шаҳар» тизимида синовдан ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар давомида ушбу технологияларни «Хавфсиз шаҳар» платформаси билан интеграция қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, AI асосида шакллантирилган видео таҳлил маълумотлари ва хавф сигналларини бевосита «Хавфсиз шаҳар» бошқарув интерфейсида акс эттириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур халқаро платформада олинган тажриба ва техник келишувлар «Хавфсиз шаҳар» концепциясини янада такомиллаштириш ҳамда платформанинг имкониятларини кенгайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда илғор рақамли технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази



