ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти Андижон вилоятида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда
2026-05-16 14:00:00 / Янгиликлар

Мазкур жараёнларда ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти томонидан ҳудудларда олиб борилаётган профилактик ишлар, хизмат самарадорлиги ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинмоқда. Ўрганишлар доирасида вилоят ЙҲХХ тизими масъуллари, ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари иштирокида танқидий руҳдаги йиғилиш ташкил этилди. Унда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишининг асосий сабаблари, мавжуд камчиликлар, хизмат фаолиятидаги масъулият масалалари ҳамда профилактика ишларини янада кучайтириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, раҳбарият томонидан ходимлар хизмат фаолиятида фойдаланаётган замонавий техник воситалар ва махсус ускуналар кўздан кечирилди. Жумладан, қоидабузарликларни аниқлашга мўлжалланган фото ва видео қайд этиш қурилмалари, планшетлар, алоқани таъминловчи техник жиҳозлар ҳамда хизмат автомобилларининг техник ҳолати билан яқиндан танишилди. Мавжуд техник имкониятлардан самарали фойдаланиш, хизмат интизомини кучайтириш ҳамда ҳар бир ходимнинг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, ҳужжатларсиз ҳаракатланиш, ноқонуний қайта жиҳозланган автомобиллар, давлат рақамисиз ёки қалбакилаштирилган белгилар билан ҳаракатланиш, шунингдек, тунги вақтларда хавфли ҳаракатларни содир этаётган ҳайдовчиларни аниқлаш ва қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўрганиш ишлари якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хизмат самарадорлигини ошириш ва ҳудудларда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланиши таъкидланди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати









