12 май — Халқаро ҳамширалар куни. Меҳр ва садоқат эътирофи
2026-05-16 23:00:00 / Янгиликлар

ИИВ Марказий поликлиникасида 12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни поликлиника раҳбари, подполковник Сайёра Қиличева кириш сўзи билан очиб, барча ҳамшираларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
Бу шарафли касбда садоқат билан хизмат қилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини асраш йўлидаги заҳматли ва масъулиятли меҳнатингиз учун барчангизга миннатдорлик билдираман, — деди у.
Шундан сўнг намунавий меҳнати, касбига садоқати ҳамда кўп йиллик самарали хизмати билан жамоага ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида лаборатория бўлими лаборанти Дилнора Юзбоева ҳам бор. У қарийб 20 йилдан буён мазкур муассасада самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Бугунги эътироф мен учун катта фахр. Инсонлар саломатлиги йўлида хизмат қилиш — ҳаётим мазмунига айланган. Бу эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир тиббиёт ходимини ўз касбига янада масъулият билан ёндашишга ундайди, — деди у ҳаяжон билан.
Тадбир байрам дастурига уланиб кетди. Самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтган тантана иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бағишлади.
©️ “Postda” газетаси, Адолат Файзиева
