Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ туманлари ва Зарафшон шаҳрида ички ишлар органлари фаолияти ўрганилди
2026-05-15 14:50:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Сатторов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Томди ва Учқудуқ туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида ички ишлар органлари фаолияти, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика самарадорлиги ўрганилди.
Учқудуқ туманида ИИБ фаолияти, режалаштирилган лойиҳалар ҳамда криминоген вазият юзасидан тақдимотлар тингланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. «Навоий» маҳалласида маҳалла еттилиги билан учрашув ўтказилиб, ижтимоий профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли билан манзилли ишлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, фаоллар ва тизим фахрийлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. 3-гидрометаллургия заводи фаолияти ўрганилиб, объект хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўздан кечирилди.
Томди туманида чегара ҳудудларида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари таҳлил қилинди. «Шарқ» маҳалласида «Хавфсиз ва рақамли маҳалла» лойиҳаси доирасидаги ишлар тақдим этилиб, маҳалла еттилиги билан мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Зарафшон шаҳрида шаҳар ИИБ фаолияти, замонавий ситуацион марказ, ходимлар учун психодиагностика хонаси ҳамда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилиб, кўчатлар ўтқазилди.
Шунингдек, 12-сон жазони ижро этиш колониясида амалга оширилаётган ишлар, маҳкумлар билан тарбиявий тадбирлар ҳамда ходимлар фаолияти таҳлил қилинди.
Умуман олганда, ўрганишлар давомида ҳар бир ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва хизмат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.









