Халқаро ҳамкорлик. Умумий таҳдидларга қарши
2026-05-15 08:50:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликка қарши курашиш тузилмалари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ички ишлар вазирликлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси делегациялари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий криминал таҳдидларга қарши курашишда ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ МДҲ давлатлари ҳудудида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ янги таҳдидларга қарши курашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «дорихона гиёҳвандлиги» ривожланишига қарши курашиш, наркотиклар савдосига хизмат қилаётган интернет-ресурслар фаолиятига чек қўйиш чоралари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар дастурий ва техник воситаларни такомиллаштириш, тижорат тузилмалари (интернет провайдерлари, банклар ва бошқалар) билан қўшма саъй-ҳаракатлар олиб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари савдоси каналларини йўқ қилиш бўйича инновацион ечимлар юзасидан тажриба ва маълумотлар алмашилди.
Бундан ташқари, 2027-2030 йилларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қарши курашиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш натижалари МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органлари фаолияти амалий ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилганини кўрсатди.
Радик ТУМПАРОВ, ўз мухбиримиз.
