Андижон вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси ўрганилди
2026-05-14 17:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи -ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал майор Рустам Джураев томонидан Андижон вилоятининг ҳудудий ички ишлар органларида давлат раҳбарининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорларида белгиланган вазифалар борасида берилган топшириқлар ижроси ўрганилди.
Хусусан, вилоятнинг Балиқчи, Олтинкўл, Андижон, Булоқбоши, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, «Чилонзор тажрибаси»ни амалиётга кенг жорий этиш, хизмат фаолиятини рақамлаштириш, куч ва воситаларни самарали бошқариш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
туман ИИБларида яратилган шарт-шароитлар, навбатчилик қисмлари, Қўриқлаш хизматлари ва ситуацион марказлар фаолияти кўздан кечирилиб, жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, куч ва воситалар бошқарувини рақамлаштириш, аҳоли гавжум ҳудудларни кузатув камералари билан қамраб олиш ҳамда тезкор ҳаракатланувчи патруль гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомидаги фаолияти натижалари бўйича ҳисоботлари эшитилди. Кибержиноятларнинг олдини олиш, сунъий интеллект асосидаги замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Департамент бошлиғи томонидан ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари объектларини реконструкция қилиш, кинология хизмати фаолиятини ривожлантириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Булоқбоши туманида хизмат сафари давомида туман ИИБ учун қурилаётган янги маъмурий бино қурилиши жараёнлари билан танишилди.
Хўжаобод туманида эса «Дўстлик» чегара божхона пости фаолияти ўрганилди. Шунингдек, генерал майор Рустам Джураев хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ЙҲХБ ходими Элёрбек Собировнинг оиласи ҳолидан хабар олиб, яқинлари билан суҳбатлашди.
Хизмат сафари якунида масъул раҳбарларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини янада ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий механизмларини кенг жорий этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати





