ИИВ раҳбарияти Қорақалпоғистон Республикаси Шўманой туманида бўлиб, “Моншақли” маҳалласи ҳамда 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди
2026-05-14 09:40:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич ташриф давомида маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Айниқса, маҳалла “еттилиги” аъзолари ва профилактика инспектори томонидан аҳоли, айниқса ёшлар ва муаммоли оилалар билан олиб борилаётган манзилли ишлар, профилактик тадбирлар ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, профилактика инспекторининг хизмат хонаси, аҳоли билан ишлаш тизими, рақамлаштирилган назорат дафтарлари ва профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан ишлаш амалиёти кўздан кечирилди. Маҳаллада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, муаммоларни “хонадонбай” асосида ўрганиш ҳамда ҳар бир мурожаатга тезкор муносабат билдириш борасидаги ишлар ижобий баҳоланди.
Ташриф доирасида тумандаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлинди. У ерда ўқувчи-ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ватанпарварлик ва ҳуқуқий тарбия йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Учрашув якунида мутасаддиларга маҳалла “еттилиги” ҳамда профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



