Навоий вилоятида жиноятчиликни жиловлаш, маҳалла еттилиги фаолияти ва ходимларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари туманлар кесимида таҳлил қилинмоқда
2026-05-13 18:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров раҳбарлигидаги вазирлик ишчи гуруҳи Навоий вилоятида хизмат фаолияти самарадорлигини таҳлил қилмоқда.
Дастлаб Қизилтепа туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1-сон қарори ижроси доирасида тезкор-профилактик вазият, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.
«Ўзбекистон» маҳалласида маҳалла еттилиги, фаоллар ва нуронийлар билан учрашув ўтказилиб, оилавий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ ишлаб чиқариш корхоналарида яратилган меҳнат шароитлари, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Пробация назоратидаги фуқаролар билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Тадбирлар Конимех туманида давом эттирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳалла еттилиги билан ҳамкорлик ҳамда профилактик ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди. «Наврўз» маҳалласида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда аҳоли мурожаатларини манзилли ҳал этиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, профилактика инспекторининг хизмат фаолияти ва яшаш шароити кўздан кечирилиб, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг хизмат самарадорлигидаги аҳамияти таъкидланди.
Ишчи гуруҳ фаолияти вилоят ҳудудларида давом этмоқда.









