Истиқболли ҳамкорлик. Хавфсизлик ва очиқлик: давр нафаси
2026-05-13 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент — мамлакатимиз пойтахтигина эмас, ҳаёт суръати бир лаҳза ҳам тўхтамайдиган йирик мегаполис. Азим шаҳар осойишталигини таъминлашга ички ишлар органлари, хусусан, замон билан ҳамнафас одимлаётган, ҳушёрлик ва садоқатни шиор қилган қўриқлаш хизмати ходимларининг ҳиссаси беқиёс.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ташкил этилган пресс-тур амалга оширилган ишларни таҳлилий кўздан кечирган, ютуқ ва камчиликларни холис муҳокама қилган очиқ мулоқот майдонига айланди.
Пресс-тур давомида соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида атрофлича сўз борди.
Жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимларига замонавий ахборот технологиялари ҳамда интеллектуал қўриқлаш тизимларининг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Соҳавий хизматга айнан инновацион технологияларнинг изчил жорий этилиши натижасида қўриқловдаги объектларда хавфсизлик даражаси сезиларли даражада ошгани алоҳида қайд этилди.
Шундан сўнг ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган муҳим натижалар ва галдаги устувор вазифалар муҳокама марказида бўлди.
Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни қарор топтириш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги манзилли чора-тадбирлар кучайтирилгани ижобий баҳоланди.
Таъкидланганидек, «Пойтахт намунаси» асосида жорий этилган уч босқичли хизмат тартиби амалиётда ўз самарасини кўрсатмоқда. Ички ишлар органлари, прокуратура, миллий гвардия ва бошқа ҳамкор тузилмалар билан ўзаро ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ишлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилмоқда.
Ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида кейинги пайтда ижобий кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Бу тизимнинг халққа янада яқинлашгани, ахборот алмашинуви ва жамоатчилик назорати учун катта имкониятлар яратилганининг тасдиғидир.
Вазирлик Ахборот хизмати таркибида тизим нуфузини юксалтиришга қаратилган янги йўналиш — Имижмейкерлар гуруҳи ташкил этилди. Бу, ўз навбатида, ходимларнинг ижобий қиёфасини шакллантириш, тизим обрўсини мустаҳкамлаш ва жамоатчилик билан алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.
Йиғилишда сўз олган Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, генерал-полковник Зокиржон Алматов жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда тарғибот ишларини мактабдан бошлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади: Таълим тизими мутасаддилари муҳим бир масалани кўриб чиқишларини истардим: мактабларда криминология асосларини ўқитишни йўлга қўйиш лозим. Негаки, жиноятчилик ва унинг оқибатлари борасида ёшлигидан билим ва тушунчага эга бўлган ўғил-қизлар ўз келажаги ҳақида қайғурадиган бўлади.
Биз фарзандларимизга нафақат илм-фан алифбосини, балки «ҳаёт алифбоси»ни — оқни қорадан ажратиш илмини ҳам ўргатишимиз шарт. Зеро, жиноятнинг оқибати билан курашишдан кўра, унинг зарарини болаликдан онгга сингдириш муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур пресс-тур ҳамда самимий мулоқот руҳидаги йиғилиш ички ишлар органлари ва жамоатчилик ўртасидаги «ишонч кўприги»ни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Бу каби ташаббуслар пойтахтимиз осойишталигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва хавфсиз жамият барпо этишда муҳим пойдевор бўлиб қолади.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант.
