Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатлар ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликка қарши курашиш тузилмалари раҳбарларининг йиғилиши Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади
2026-05-13 12:00:00 / Янгиликлар

Бугун 13 май куни мамлакатимиз барқарор хавфсизликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида минтақа давлатларини яна бир бор ягона мақсад йўлида бирлаштирди.
Ҳамдўстлик давлатлар ички ишлар вазирликларининг жиноятчиликка қарши курашиш тузилмалари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши пойтахтимизда ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпўлатов ҳамкор мамлакатлар ҳамда МДҲ ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси делегациялари вакилларига ташриф учун миннатдорчилик билдирди.
Таъкидлаб ўтилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг саъй-ҳаракатлари билан минтақа ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш айниқса, наркотаҳдидларни бартараф этиш йўналишида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ушбу тадбир ҳам яқинда Самарқандда ўтказилган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форумнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда МДҲ мамлакатларининг ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ахборот алмашинуви, халқаро даражадаги тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишдаги узвий ҳамкорлик ўз самарасини бераётганлиги эътироф этилди.
Айниқса, халқаро миқёсдаги жиноятчилик, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида бир қатор ижобий натижаларга эришилаётгани, минтақадаги ҳар бир давлат ҳудудида барқарор осудаликни таъминлашга асос бўлаётганлиги мисоллар билан келтириб ўтилди.
Тадбирда келгусидаги муҳим лойиҳаларни амалга оширишда доимий ҳамкорликни янада мустаҳкам давом эттириш бўйича фикрлар билдирилди.
Йиғилиш доирасида трансмиллий уюшган жиноятчилик, жумладан наркожиноятларга қарши курашиш ҳамда хавфсизликка оид бошқа долзарб масалалар юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтиши кутилмоқда.



