Бухоро вилояти Вобкент ва Когон туманларида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари янги хонадонли бўлишди
2026-05-12 21:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, профилактика инспекторларига муносиб хизмат ва яшаш шароитларини яратишга қаратилган топшириқлари ижроси доирасида Бухоро вилоятида навбатдаги уй-жойлар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2906-сон қарори асосида Вобкент тумани «Косари» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторига хизмат уйи фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган профилактика катта инспектори Шодиев Умид Фахриевичга икки хонали, арзонлаштирилган қийматдаги уй тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Сатторов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Икромжон Турсунов, туман ҳокимликлари масъуллари, маҳалла фаоллари ҳамда ички ишлар органлари фахрийлари иштирок этдилар.
Вобкент тумани «Косари» МФЙ профилактика инспектори, майор Нусрат Ҳақбердиев ички ишлар органларида қарийб 16 йилдан буён самарали хизмат қилиб келмоқда. У хизмат олиб бораётган ҳудудда бугунги кунда 1089 та хонадон ва 4 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Оилали, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган ходим учун янги хизмат уйи аҳолига янада яқин бўлиб ишлаш имконини яратади.
Когон тумани «Ўзбекистон» МФЙ профилактика катта инспектори Шодиев Умид Фахриевич эса 15 йилдан буён ички ишлар органлари тизимида фидокорона хизмат қилиб келмоқда. Оиласида уч нафар фарзанд вояга етмоқда, турмуш ўртоғи умумтаълим мактабида ўқитувчи сифатида фаолият юритади.
Бугун ушбу уй-жойлар Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан тантанали равишда эгаларига топширилди. Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган шароитлар уларнинг хизмат самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.



