Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий профилактика тизими самарадорлиги танқидий ўрганилди
2026-05-12 16:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Диёрбек Саттаров томонидан Бухоро вилоятининг бир қатор туманлари ва Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар, “маҳалла еттилиги” фаолияти ҳамда ҳудудлардаги криминоген вазият атрофлича ўрганилди.
Дастлаб Бухоро туманидаги “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” билан учрашув ўтказилиб, ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий профилактика ишлари, аҳолини қийнаётган муаммолар, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлар ижроси доирасида олиб борилган ишлар натижасида маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида жиноят содир этилмаганлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг, Вобкент туманида профилактика инспекторларини хизмат уйлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, Президент топшириқлари ҳамда ПҚ-2906-сон қарори ижроси доирасида яна бир хизмат уйи фойдаланишга топширилди. Тадбирда ички ишлар органлари раҳбарияти, фахрийлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Профилактика инспектори маёр Нусрат Ҳақбердиев ва унинг оила аъзолари янги хизмат уйи билан қутланди.
Вобкент туманидаги “Чармгарон” маҳалласида ҳам “маҳалла еттилиги” билан учрашув ўтказилиб, ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш, фуқаролар муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. “Е-ижтимоий профилактика” тизими орқали амалга оширилаётган ишларни янада самарали ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ғиждувон туманидаги “Тахтахон” ва “Памўза” маҳаллаларида криминоген вазият, “маҳалла еттилиги” фаолияти, профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида профилактика инспекторлари хизмат хоналаридаги техник воситаларнинг эскирганлиги, хонадонларни қўриқлаш пултига улаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги ҳамда “Олмазор тажрибаси” асосида ишлаб чиқилган йўл харитаси ижросида камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, “Дегрезон” маҳалласи ҳудудида жойлашган Ғиждувон деҳқон бозорида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Шофиркон туманидаги “Қалмақон” маҳалласида ҳам “маҳалла еттилиги” фаолияти, ҳудуддаги ижтимоий муҳит ва профилактик ишлар самарадорлиги кўриб чиқилди. “Ижтимоий профилактика” тизимида айрим хулосалар бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ бажарилмасдан туриб қўшма хулосалар шакллантирилгани танқид қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Пешку туманидаги “Чиқирчи” маҳалласида “Чилонзор тажрибаси” асосида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. “Е-ижтимоий профилактика” тизимида айрим маълумотлар ҳақиқий ҳолатга мос келмаслиги ва қўшма хулосалар тўлиқ шакллантирилмаганлиги юзасидан эътирозлар билдирилди.
Ромитан туманидаги “Гулистон” маҳалласи ва “Ромитан сайилгоҳи”да ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув тизимлари ҳамда қўриқлаш воситалари ҳолати ўрганилди. Айрим савдо дўконларида юзни таниб олувчи кузатув камераларининг мавжуд эмаслиги танқид қилиниб, бу борада тегишли чоралар кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бухоро шаҳридаги “Шайх-ул олам” ва “Мухтор Ашрафий” маҳаллаларида “маҳалла еттилиги” билан мулоқот ўтказилиб, ижтимоий профилактика тизими, оғир тоифадаги ёшлар ва низоли оилалар билан ишлаш самарадорлиги муҳокама қилинди. Шунингдек, “Менинг инспекторим” платформасига аҳолини улаш ишларини жадаллаштириш ҳамда “Е-ижтимоий профилактика” тизимида қўшма хулосаларни сифатли шакллантириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида жойларда профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ички ишлар органларининг устувор вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









