Сурхондарё вилоятида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашроповнинг шахсий ва сайёр қабуллари ўтказилди
2026-05-12 11:10:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Жумладан, 10–11 май кунлари Вазир ўринбосари Рамазон Ашропов томонидан Сурхондарё вилояти ИИБда навбатдаги шахсий ҳамда Денов туманида сайёр қабуллар ўтказилди. Унда аҳолининг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабуллар давомида жами 36 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилди. Мурожаатларнинг 13 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 10 таси терговга қадар текширув, 4 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳамда 9 таси ички ишлар органлари фаолиятига оид бошқа масалаларни ташкил этди.
Қабуллар жараёнида Вазир ўринбосари, масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан уларни қийнаётган масалалар юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди. Хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қонуний ва тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқот ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти



