ИИВ раҳбарияти томонидан Хива шаҳри ва Хива туманларидаги “Шомохулум”, “Парчанос”, “Сангар”, “Қиблатозабоғ” маҳаллалари “еттилиги“ ҳамда ҳудудий ИИБ ходимларининг кундалик иш фаолиятлари ўрганилди
2026-05-12 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда ИИВ ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов томонидан Хива шаҳри ва Хива туманидаги “Шомохулум”, “Парчанос”, “Сангар”, “Қиблатозабоғ” маҳаллаларида хизмат фаолиятини ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар жараёнида маҳаллалар “еттилиги” аъзолари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ходимларининг кундалик хизмат фаолияти, аҳоли билан ишлаш тизими, профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, “хонадонбай” тизими асосида аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, профилактика инспекторлари ва соҳавий хизматлар ходимларига аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини барвақт аниқлаш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида маҳаллалар “еттилиги” ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, профилактик тадбирларни манзилли ташкил этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Бундай амалий ўрганишлар аҳоли осойишталигини таъминлаш, маҳаллаларда тинч ва хавфсиз муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи









