Ёшлар — юрт келажаги. Тарбия тақани тўғрилайди
2026-05-12 07:55:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон туманида ички ишлар органлари ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ёшлар билан ишлаш тизимини яхшиламоқда. Ҳамкорлик доирасида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни турли салбий таъсирлардан асраш, муаммоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Туман ИИБ Вояга етмаганлар бўйича катта инспектор-психологи, катта лейтенант Сирожиддин Қудратов ҳудуддаги вояга етмаганлар билан индивидуал ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишда «оила, мактаб ва маҳалла» тамойили асосида иш олиб бормоқда.
Ўтган чоракда 5 нафар ўспириннинг ота-онаси томонидан қонуний васий ва ҳомий тайинламасдан қаровсиз ва назоратсиз қолдирилгани сабабли уларнинг сабабсиз дарсларга қатнашмасдан бемақсад юрганлиги инспектор-психолог томонидан аниқланди. Шунингдек, Ангор ва Музработ туманларидан келган 2 нафар вояга етмаган шахс назоратсиз қолгани боис вилоят Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Бундан ташқари инспектор-психолог С.Қудратов ташаббуси билан мактабларда китобхонлик танловлари ҳам ўтказилиб келинмоқда. Ушбу танлов туфайли иштирокчилар ўқиган асарлари юзасидан ўзаро фикр алмашиб, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса уларнинг нутқ маданияти ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамламоқда.
Инспектор-психологнинг ташаббуси билан туманда 20 дан ортиқ мактаблар ўртасида ўтказилган волейбол мусобақаси эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жисмоний соғломликни мустаҳкамлаш ва жамоавийлик руҳини шакллантиришда асқатмоқда. Айниқса, спорт орқали ёшлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва соғлом рақобат муҳити кучаяётгани қувонарли.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
