ИИВ раҳбарияти томонидан Урганч шаҳридаги «Истиқлол» ва «Навбаҳор» маҳаллалари «еттилиги« ҳамда Урганч шаҳар ИИБ ходимларининг кундалик иш фаолиятлари ўрганилди
2026-05-10 20:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдошевич Мирзарахимов томонидан Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда тезкор-тергов хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалий ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ташриф доирасида Урганч шаҳридаги «Истиқлол» ҳамда «Навбаҳор» маҳаллаларида амалга оширилаётган профилактик ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш ҳолати атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва фуқаролар хавфсизлигини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўрганишлар жараёнида маҳаллада фаолият юритаётган «маҳалла еттилиги» тизими ишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспектори ўзаро ҳамкорликда аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Урганч шаҳри Тергов-тезкор гуруҳининг хизмат фаолияти ҳам ўрганилиб, жиноятларни «иссиқ изидан» очиш, далилларни сифатли йиғиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Генерал майор Баходир Мирзарахимов томонидан мутасаддиларга аҳоли билан яқин мулоқот қилиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида секторлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда маҳалла еттилиги ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш орқали жамиятда қонунийлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи





