Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чораларини ўрганмоқда
2026-05-10 11:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 5 январда Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган Қарорларда белгиланган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал-майор Рустам Джураев Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида 9 май байрамига бағишланган тантанали ва хотира тадбирлари ўтказилаётган бир пайтда Департамент раҳбари оммавий тадбирлар ўтказилаётган жойларда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматни ташкил этиш жараёнлари билан шахсан танишди, шунингдек, ички ишлар органлари ҳамда бошқа тегишли хизматлар томонидан жалб этилган куч ва воситаларнинг ўзаро ҳамкорлигини текширди.
Сафар давомида генерал-майор Марғилон шаҳрининг «Наврўз» маҳалласида барпо этилаётган«Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм мажмуаси» («Марғилон сити») қурилиш объекти ва унга туташ ҳудудларда жамоат тартиби ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар билан танишди.
Шунингдек, Фарғона вилояти 2-минтақавий ҳудуд Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг хизматни ташкил этиш ва жанговар шайлик ҳолати ўрганилиб, шахсий таркиб билан ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.
Хизмат сафари доирасида Рустам Джураев Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг янги биноси қурилиши жараёни билан танишди, шунингдек, 2-минтақавий ҳудуд махсус қабулхонаси ва мувофиқлаштириш марказида яратилган шарт-шароитлар, бошқарув тизими ҳамда ходимларнинг хизмат олиб бориш шароитларини ўрганди.
Қўқон шаҳрида генерал майор Рустам Джураев раислигида вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар, бошқарма ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда криминоген вазиятни яхшилаш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда жорий йилнинг тўрт ойи якунлари бўйича хизмат фаолияти натижалари таҳлил қилиниб, бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, патруль-пост хизмати бўлинмаларини уч босқичли хизмат режимига ўтказиш, шунингдек, пробация назоратидаги ва муқаддам судланган шахслар билан «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифалар асосида индивидуал ишлаш тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, патруль-пост хизмати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда маъмурий бинолар ва хизмат объектларидаги шарт-шароитларни яхшилаш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати




