Биз коррупцияга қаршимиз. Ҳалоллик бош мезон
2026-05-10 23:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш масаласига давлат миқёсида ёндашилаётгани, хусусан, 2026 йилда бу борада фавқулодда чоралар кўрилиши белгилангани биздан янада қатъият ва фидойиликни талаб этади.
Ўтган йил давомида вилоят ички ишлар органларида коррупциянинг олдини олиш мақсадида аниқ натижадорликка қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 16 та ички дастур ва «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, улар ижросини таъминлаш бўйича 78 маротаба профилактик огоҳлантирув йиғилишлари ташкил этилди.
Шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари билан 62 маротаба очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида 18 та махсус видеолавҳа тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари орқали кенг намойиш этилди.
Бу орқали нафақат тизим ичида, балки жамиятда ҳам ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шуни очиқ тан олиш керакки, амалга оширилган тизимли ишларга қарамай, ўтган йили соҳада битта коррупцион ҳолат аниқлангани бизни чуқур мушоҳада юритишга ундади.
Ушбу воқеа коррупцияга қарши курашиш шунчаки йиғилиш ёки ҳужжатлардан иборат эмаслигини, балки ҳар бир ходимнинг маънавий дунёси, виждони ва шахсий масъулиятига боғлиқ эканини яна бир бор исботлади.
Мен ўз фаолиятимда профилактика, шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларини энг устувор мезон деб биламан.
Ишончим комилки, агар ҳар бир ходим ўз қасамёдига ва хизмат вазифасига садоқат билан ёндашса, тизимда коррупцияга асло ўрин қолмайди.
Зотан, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат — бу шунчаки хизмат талаби эмас. Бу — менинг қатъий ҳаётий позициям ва раҳбарлик фаолиятимнинг бош тамойилидир.
Шавкат Ибрагимов, Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник.
