Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Пахтаобод туманида “қизил” тоифадаги маҳаллани “яшил” ҳудудга айлантириш борасидаги ишлар ўрганилди
2026-05-08 23:25:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Санжар Джабаров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида Пахтаобод туманидаги З.Ҳабибий маҳалласида ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини олиб борди.
Мазкур маҳалла аввал криминоген вазияти оғир, «қизил» тоифага киритилган ҳудудлардан бири бўлиб, амалга оширилган манзилли профилактик тадбирлар, «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигидаги тизимли ишлар ҳамда аҳоли билан олиб борилган самарали мулоқотлар натижасида бугунги кунда «яшил» тоифадаги маҳаллалар қаторидан жой олди.
Ўрганиш жараёнида маҳаллага бириктирилган раҳбарлар, ички ишлар органлари масъуллари ҳамда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий профилактика чораларини самарали ташкил этиш, муаммоли оилалар, назоратдаги шахслар, вояга етмаганлар ҳамда ишсиз фуқаролар билан олиб борилаётган манзилли ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тунги назорат тадбирларини кучайтириш ҳамда профилактик тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, «маҳалла еттилиги» фаолиятини тизимли ташкил этиш, ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш ва аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш орқали жиноятчиликни жиловлаш мумкинлигига алоҳида урғу берилди.
Тадбир сўнгида маҳаллада олиб борилган ишларда намуна кўрсатиб келаётган маҳалла ёшлар етакчисига Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғаси топширилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати




