Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Қашқадарё вилоятида хавфсиз муҳит яратиш ва тергов сифати масалалари ўрганилмоқда
2026-05-08 23:20:00 / Янгиликлар

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–1-сонли ҳамда «2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан ўрганиш ишлари Қашқадарё вилоятида давом этмоқда.
Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонаси биносида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида «Чилонзор тажрибаси» асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Шунингдек, «Чилонзор тажрибаси» асосида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан тақдимот ўтказилиб, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобдаги шахслар билан манзилли ишлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Қарши шаҳар прокуратураси ва ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчилари иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатларининг олиб борилиши ҳамда ҳудудда содир этилган жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, амалиётдаги мавжуд муаммоли масалалар танқидий таҳлил қилиниб, тергов сифатини янада яхшилаш, далилларни ўз вақтида олиш ва расмийлаштиришда жиноят-процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, жиноят оқибатида етказилган зарарнинг дастлабки тергов босқичидаёқ ундирилишини таъминлашга қаратилган барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш, тергов жараёнларида замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда терговчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Қашқадарё вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









