ИИВ Марказий аппаратида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган «Китоблар ярмаркаси» ташкил этилди
2026-05-08 13:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 15 январдаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли Ўртасида китоб ўқишни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–9-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, мамлакатимизда 2026–2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини юксалтириш, айниқса давлат хизматчилари ва кенг жамоатчилик ўртасида китобхонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 7 май куни Вазирлик марказий аппарати ҳудудида «Китоблар ярмаркаси» ташкил этилди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир «Янги аср авлоди» ва «Ёшлар матбуоти» нашриётлари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилиб, BOOK.UZ бренди томонидан нашр этилаётган турли йўналишдаги адабиётлар китобхонларга тақдим этилди.
Ярмарка давомида иштирокчилар бадиий, илмий-оммабоп, тарихий ҳамда шахсий ривожланишга оид китоблар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Айниқса, ходимлар учун тавсия этилган асарлар катта қизиқиш уйғотиб, улар томонидан бир қатор китоблар харид қилинди.
Тадбир иштирокчилари бундай маърифий ташаббусларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ташкилотчиларга самимий миннатдорчилик билдирдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда китоб нашри ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташкил этилган мазкур китоб ярмаркаси ҳам матбаа соҳасини қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини бойитиш, шунингдек, китобхонлик маданиятини янада оммалаштиришга хизмат қилади.






