ИИВ раҳбарияти иштирокида Қашқадарёда тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар ўтказилди
2026-05-08 10:50:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида тергов фаолиятини янада такомиллаштириш ва уни янги босқичга кўтариш, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари тизимида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Хусусан, бугунги кунда тергов фаолияти сифатини тубдан яхшилаш, унинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир жиноят иши бўйича қонуний қарор қабул қилинишига эришиш юзасидан жойларда аниқ вазифалар белгиланиб, қўшимча чоралар кўрилмоқда.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий суд ва вилоят судьялари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси профессор-ўқитувчилари, вилоят ИИБ ҳамда унинг қуйи тузилмалари терговчи ва суриштирувчилари, вилоят прокуратураси масъул раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, шунингдек, ДХХ, Департамент, Божхона, ҳарбий ва транспорт прокуратуралари масъуллари, суриштирувчи терговчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарнинг асосий мақсади тергов жараёнларини такомиллаштириш, иш юритишда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, далилларни тўплаш ва баҳолаш сифатини ошириш, шунингдек, терговчиларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, рақамли изларни аниқлаш, уларни тўғри процессуал расмийлаштириш, электрон маълумотларни сақлаб қолиш ва қонуний тартибда мустаҳкамлаш, шунингдек, тергов ҳаракатларини ўтказишда рақамли криминалистика имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, кибержиноятларни фош этишда тезкор маълумот алмашинувини таъминлаш, электрон қурилмалар ва онлайн платформалар билан ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди.
Машғулот мунозара, амалий мисоллар ва савол-жавоб тарзида ташкил этилди.
Бундай ўқув-амалий семинарлар ҳудудларда мунтазам ташкил этилиб, тергов сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тизимли равишда давом эттирилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









