Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг фуқаролар учун навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди
2026-05-07 10:00:00 / Янгиликлар

Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида фуқароларнинг соҳага оид мурожаатлари, ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш ҳамда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига доир масалалар кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида жами 70 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 60 таси бевосита қабул жараёнида, 10 таси эса видеоконференция алоқа орқали ҳудудлардан қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 30 таси ИИО хизматига тиклаш, 17 таси ходимларни бошқа хизмат жойига ўтказиш (ротация), 5 таси эса ишга қабул қилиш масалаларига оид бўлди.
Бундан ташқари, моддий ёрдам олиш, уй-жой билан таъминлаш, хизмат шароитларини яхшилаш ҳамда бошқа масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабул давомида мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.



