Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалий ўрганишлар олиб борилди
2026-05-07 09:00:00 / Янгиликлар

Маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш йўлида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг навбатдаги ўрганишлари Бухоро ҳамда Ғиждувон туманларида олиб борилди.
Бухоро вилояти ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда жойларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалий ҳолатини кўздан кечириш мақсадида тизимли ўрганишлар давом этмоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи навбатдаги амалий ўрганишлар доирасида Бухоро тумани ички ишлар бўлимига ташриф буюрди.
Дастлаб бўлимнинг навбатчилик қисми фаолияти, ходимларнинг хизмат олиб бориш шароитлари ҳамда маъмурий бинодаги хизмат хоналарининг ҳолати кўздан кечирилди.
Ходимларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тезкорлиги, шунингдек, тозалик ва ободонлаштириш масалалари юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар жараёнида давлатимиз раҳбарининг тегишли ПҚ-1 ва ПҚ-2 сонли қарорлари талаблари асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришда пойтахтнинг «Чилонзор тажрибаси» асосида ишларни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Ушбу илғор тажрибага мувофиқ, патруллик йўналишларини жиноят ўчоқларига қараб ҳудудлар кесимида тўғри тақсимлаш, маҳалла еттилиги билан узвий ҳамкорликни таъминлаш орқали фуқароларнинг маиший ва ижтимоий муаммоларини манзилли ҳал этиш энг муҳим устувор вазифа эканлиги тушунтирилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кейинги манзили Ғиждувон тумани 1-сон ички ишлар бўлими бўлди. Бу ерда ҳам шахсий таркибнинг хизматга шайлиги, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ва жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлил қилинди.
Профилактика инспекторлари ва тезкор ходимларнинг жиноят содир этишга мойил тоифадаги шахслар билан ижтимоий профилактика тадбирларини мунтазам олиб бориши, айниқса, ҳудудларни «Яшил ҳудуд»га ўтказиш бўйича аниқ механизмларни ишга солиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ўрганишлар якунида ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, фуқаролар билан мулоқотда доимо хушмуомала бўлиши ҳамда қонунийликни қатъий таъминлаш, шунингдек, фаолият давомида йўл қўйилган айрим камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича масъул раҳбарларга муддатлар белгиланиб, қатъий топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




