Андижон вилояти ИИБда Ички ишлар вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш натижалари танқидий муҳокама қилинди
2026-05-07 09:00:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаров раислигида Ички ишлар вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан танқидий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари, шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирда дастлаб Ички ишлар вазирлиги Ҳайъат йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар, аниқланган тизимли камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича белгиланган аниқ вазифалар ижроси танқидий руҳда кўриб чиқилди. Масъул раҳбарларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги криминоген вазият атрофлича таҳлил қилиниб, жиноятларнинг турлари, содир этилиш омиллари, уларга имкон яратаётган сабаб ва шарт-шароитлар чуқур ўрганилди. Алоҳида эътибор жиноятларнинг олдини олиш, уларни барвақт профилактика қилиш, айниқса, маҳалла ва хонадон кесимида манзилли ишларни самарали ташкил этиш масалаларига қаратилди.
Муҳокамалар давомида айрим ҳудудларда профилактика ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани, масъул ходимлар томонидан шахсий жавобгарлик етарлича ҳис этилмаётгани, натижада айрим турдаги жиноятларнинг ортишига шароит яратилаётгани кескин танқид қилинди.
Йиғилишда профилактика инспекторлари фаолиятини янада кучайтириш, тезкор-қидирув ва тергов хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамоатчилик билан ишлашни янги босқичга олиб чиқиш орқали жиноятчиликни жиловлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш борасидаги профилактик ишларни янада жадаллаштириш, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан индивидуал ишлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш орқали жиноятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида вилоят ИИБ бошлиғи томонидан барча раҳбар ва масъул ходимларга Ҳайъат йиғилишида берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш юзасидан қатъий топшириқлар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати






