Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Бухоро шаҳридаги 1-сон ички ишлар бўлими ҳамда Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолияти билан танишди
2026-05-06 11:50:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан шаҳар ва туманлардаги ички ишлар бўлимлари фаолиятини ўрганиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли тадбирлар олиб борилмоқда. Навбатдаги ўрганишлар Бухоро шаҳар бўйича ИИО ФМБ 1-сон Ички ишлар бўлимида бўлиб ўтди.
Ўрганишлар дастлаб бўлимнинг навбатчилик қисми фаолияти билан танишишдан бошланди. Бу ерда ходимларнинг хизмат олиб бориш шароитлари, ҳудуддаги тозалик ва ободонлаштириш ишлари, шунингдек, тезкор бошқарувни амалга ошириш тизими кўздан кечирилди. Асосий эътибор фуқаролар мурожаатларини белгиланган тартибда рўйхатга олиш ва уларни ўз вақтида, сифатли ижро этиш ҳолатига қаратилди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи тургани алоҳида таъкидланди.
Ўрганишлар давомида Президентнинг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ҳамда “Чилонзор тажрибаси” асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Шунингдек, криминоген вазиятни таҳлил қилиш, патруллик йўналишларини тўғри тақсимлаш, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни кучайтириш ва манзилли ишлаш тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ходимларнинг хизмат интизоми, қонунчилик талабларига риоя қилиши, фуқаролар билан мулоқот маданияти, шунингдек, коррупция ва тамагирликка йўл қўймаслик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Якунда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, давлат раҳбарининг жорий йил 27-январдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган тўртта асосий устувор йўналиш — кибержиноятлар, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва гиёҳвандликка қарши курашиш вазифалари ижроси доирасида ҳам вилоятда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кибержиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ҳудудий бўлинмалар салоҳияти оширилиб, барча шаҳар ва туманларда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар билан шуғулланувчи малакали ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоят ИИБ бошлиғи Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасида бўлиб, соҳадаги ишлар ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар давомида ижобий натижалар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Ҳар бир ходим билан ўтказилган суҳбатларда рақамли технологиялар ривожи шароитида жиноят усуллари ҳам такомиллашаётгани, бу эса доимий ҳушёрлик ва замонавий билимларни талаб этиши таъкидланди.
Шу муносабат билан кибержиноятларнинг олдини олиш, банк карталаридан маблағлар ўғирланишига қарши курашиш, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, тезкор-қидирув ишларини кучайтириш ва аҳолининг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган профилактик тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



