Бухоро вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2026-05-06 11:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 5-май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда барча бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, “маҳалла еттилиги” иштирок этди.
Йиғилишда иқтисодий ўсишни таъминлаш, хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш, ободонлаштириш ишлари ҳамда мутасаддиларнинг самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) каби муҳим масалалар ўрин олди. Шу билан бирга, йиғилишнинг энг асосий ва танқидий қисми ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ижроси ҳолатига қаратилди.
Ушбу масалалар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи иштирок этиб, ҳудудлардаги криминоген вазият ва профилактик тадбирлар самарадорлиги бўйича чуқур таҳлилий маъруза қилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи ўз сўзида, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикасига оид қарорлари ижросига тўхталиб, бу борада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликларни санаб ўтди. Хусусан, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жумладан, “намунавий хавфсиз кўча”, “хавфсиз йўлак” ва “хавфсиз уй” тизимларини жорий этиш, видеокузатув камераларини ўрнатиш бўйича ҳисоботларда рақамлар ортиғи билан кўрсатилаётган бўлса-да, амалда тизимлар тўлиқ ишга туширилмаганлиги ва интеграция қилинмаганлиги танқид қилинди. Айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддиларининг топшириқларга юзаки ёндашуви қораланди. Гарчанд баъзи ҳудудларда жиноятчилик пасайган бўлса-да, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар айрим туманларда ўсиш кузатилганлиги қайд этилди. Бунга масъул раҳбарлар ва маҳалла масъулларининг ўз ҳудудига тушиб, аниқ профилактик ишларни олиб бормаганлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилди.
Шунингдек, жиноят содир этишга мойил ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар билан ишлаш тизимида қатор оқсоқликлар мавжудлиги таъкидланди. “Маҳалла еттилиги” томонидан берилаётган хулосаларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилмасдан қолаётганлиги, профилактик тадбирлар фақат қоғозда, расмиятчилик учун ўтказилаётганлиги натижасида айрим фуқаролар қайта жиноят йўлига кириб қолаётганлиги кескин қораланди. Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва оилавий зўравонликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар сустлиги танқид қилинди. Шунингдек, ёшлар, айниқса, вояга етмаган мактаб ўқувчилари орасида кузатилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг назоратсиз қолаётганлиги, узоқ муддатли миграциядан қайтганлар билан ишлаш тизими талаб даражасида эмаслиги таълим ва ёшлар ишлари мутасаддиларига кўрсатиб ўтилди.
Ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ошаётгани сабабли, барча ташкилотлар ўз ходимлари ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириши зарурлиги таъкидланди. Энг ачинарлиси, халққа ўрнак бўлиши керак бўлган баъзи давлат идоралари ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари томонидан ҳам жиноятлар содир этилаётганлиги қаттиқ қораланди.
Маҳаллаларда хизмат қилаётган профилактика инспекторлари учун ажратилган хизмат уйларидан мақсадли фойдаланиш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан эътиборсизликка йўл қўйилаётган ҳудудлар санаб ўтилди ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида вилоят ва туман даражасидаги барча раҳбарлар, ҳокимлар ҳамда маҳалла масъулларига жамоат хавфсизлигини таъминлаш фақатгина ички ишлар органларининг эмас, барчанинг умумий вазифаси эканлиги эслатиб ўтилди. Берилган топшириқларни ўз вақтида, кўзбўямачиликсиз ва амалий натижалар билан бажариш бўйича барча мутасаддиларга қатъий вазифалар юклатилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



