Бухоро шаҳрида хавфсиз инфратузилма ва ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди
2026-05-05 09:30:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ҳокими бошчилигидаги вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда соҳа масъуллари Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” кўчасида олиб борилаётган таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.
Аҳоли эътирозларига сабаб бўлган салкам 2 километрлик мазкур йўлда айни пайтда коммунал тармоқларни янгилаш, асфалт ётқизиш ҳамда йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш ишлари бошланган. Ўрганишлар давомида нафақат ободонлаштириш, балки ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида кўчани тўлиқ камералаштириш, замонавий кузатув мосламаларини ўрнатиб, уларни хавфсизлик тизимларига интеграция қилиш, шунингдек, яшил ҳудудлар ва тунги ёритгичлар ташкил этиш орқали аҳоли учун тўлақонли хавфсиз муҳит яратиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, раҳбарлар “Шайхул олам” маҳалласининг “Фатҳобод“ кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш бўйича тайёрланган намунавий лойиҳа тақдимотини ҳам кўздан кечирдилар.
Жараёнда шаҳардаги ҳудудлар қиёфасини янгилашда “Хавфсиз маҳалла” ва “Хавфсиз йўлак” тамойилларига қатъий амал қилиш, кўп қаватли уйлар атрофига интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиш ва туну кун хавфсизликни таъминлаш орқали одамларнинг тинч ҳамда фаровон яшаш шароитларини янада яхшилаш масалалари юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Аҳамиятлиси шундаки, ҳудудларда амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ободонлаштириш, тизимли профилактика ҳамда рақамлаштириш ишлари бевосита давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари талаблари асосида, аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини кафолатлаш мақсадида олиб борилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









