Қидирувда бўлган уч нафар шахс чет элда қўлга олиниб, Интерпол саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистонга қайтарилди
2026-05-04 16:00:00 / Янгиликлар

Интерпол йўналишидаги самарали ишларнинг яна бир натижаси: Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ташаббуси билан халқаро қидирувда бўлган уч нафар фуқаронинг қайтарилиши таъминланди.
Улардан икки нафари фирибгарликда, яна бири одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланмоқда.
Жиноят содир этгандан сўнг улар Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига қочиб кетишган.
Интерпол Миллий марказий бюросининг мақсадли фаолияти, хорижий ҳамкорлар билан доимий ҳамкорлиги ва Интерполнинг халқаро қидирув механизмларини ишга солиши туфайли уларнинг турган жойи аниқланди.
Интерполнинг Абу-Дабидаги Миллий марказий бюроси кўмагида учаласи ҳам қўлга олинди.
Қидирувдагиларни топшириш турли ҳуқуқий механизмлар, жумладан, Интерполнинг Тошкент ва Абу-Даби Миллий марказий бюролари ўртасида эришилган махсус келишувлар доирасида амалга оширилди.
Мазкур шахслар Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари ҳамроҳлигида қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди.
Шуни аниқ таъкидлаш лозимки, чет элда яширинишга уриниш жавобгарликдан озод қилмайди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси
