9 май — Хотира ва қадрлаш куни. «Тушларимга киринг, дадажон!..»
2026-05-04 23:00:00 / Янгиликлар

Хотира ва қадрлаш куни арафасида қалбимизда ўтмишдаги воқеалар, яхши инсонлар ва улар қолдирган излар яна тирилади.
Айниқса, отасини соғиниб яшайдиган мурғак қалблар борки, уларнинг дардини сўз билан ифодалаш қийин...
Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Рашидбек Баҳодиров ана шундай болалардан бири. Барча болалар қатори, ҳар куни эрталаб жонажон мактабига шошилади. Аммо унинг куни бир одат билан бошланади аввалига дадасининг суратига узоқ тикилади, сўнгра хизмат кийимини бир силаб куяди...
Гўё дадаси унга меҳр билан боқиб тургандай, «Ўғлим, оқ йўл, яхши ўқиб, «5» баҳо олиб кел!» деб кузатиб қўяётгандек...
Рашидбекнинг дадаси — капитан Рустам Қурбонов Фурқат туманида туғилган бўлиб, Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилган инсонлардан саналади. У 2015 йилда ички ишлар органлари сафига кириб, 10 йилга яқин халққа садоқат билан хизмат қилди.
Фарғона шаҳар ИИБда профилактика инспектори, инспектор-психолог лавозимларида ишлаб, ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшди.
Қанча-қанча адашган ёшларни тўғри йўлга солиб, жиноятларнинг олдини олди.
2024 йил апрель ойида Ўзбекистон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори этиб хизматга тайинланган Р. Қурбонов ўзига бириктирилган «Қайнар» маҳалласи аҳолиси билан тезда тил топишиб, намунали хизмат олиб бораётганди.
19 май куни соат 23:00ларда тунги хизматга жалб қилинган катта лейтенант Рустам Мирзаев ҳамда капитан Рустамжон Қурбоновлар ҳудуд бўйлаб профилактик ишлар олиб бораётганда йўл-транспорт ҳодисасига учрашади.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, капитан Рустам Қурбонов 31 май куни Қўқон шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этди.
Аммо у кетмади... У падари бузруквори Баҳодиржон ота, волидаси Лобархон ая, турмуш ўртоғи Сарвиноз, қизи Гулсанам ҳамда суюкли ўғли Рашидбекнинг қалбида мангу яшаб келмоқда.
- Турмуш ўртоғим болалигидан ички ишлар ходими бўлишни орзу қилиб улғайган экан, — дейди Сарвиноз Якубова. — Олийгоҳни тамомлаганимиздан сўнг оила қурган вақтимизда таълим соҳасида ишларди.
Барибир орзулари уни тинч қўймади. Олий маълумотли номзодлар ўртасида ўтказилган синовларда қатнашиб, 2015 йилда ички ишлар органларига қабул қилинди. Ўша йили бизга омад қўшалоқ келиб, Рашидбек дунёга келди. Ўғлим эсини танибдики, дадасини хизмат кийимида кўрган ва доим у билан фахрланган.
Рашидбек дадасини тез-тез тушларида кўради. Балки у тушлар орқали дадаси билан гаплашар, дардлашар... Балки «мен яхши ўқийман, сиз орзу қилган инсон бўламан», — дея ваъда берар...
Бугун ҳам у дадасининг суратига бир қараб қўйди-ю, мактабга шошилди. У ўз орзулари учун эмас, балки дадасининг орзулари учун ҳам яхши ўқишга интилади. Ҳар бир яхши баҳоси — дадасига ҳадя, ҳар бир ютуғи — унинг хотирасига эҳтиром.
Капитан Рустам Қурбонов каби фидойи инсонлар хотираси ҳеч қачон ўчмайди. Улар халқ қалбида, фарзандлари тақдирида, тинч осмонимизда абадий яшайди.
Рашидбек эса ҳар кеча юракдан бир илтижо қилади: -Тушларимга киринг, дадажон...
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
