ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлигида ҳарбий хизматчилар учун янги ўқув йилининг очилиш маросими ўтказилди
2026-05-04 10:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Қоровул қўшинларида «Ҳар бир ҳарбий хизматчи ўз касбига садоқати, юқори ҳарбий интизом ва ҳуқуқий саводхонлигининг мустаҳкамлиги, робототехник ва учувчисиз учиш аппаратларини қўллашда инновацион ёндашув орқали касбий малакасини ошириши, хавфсизликни келтириб чиқарадиган омилларга муносиб жавоб бериши, жанговар хизмат вазифаларининг муваффақиятли бажарилишининг гаровидир!» шиори остида Янги 2026-2027-ўқув йили очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Қўшин қўмондони полковник Хасан Батиров нутқ сўзлаб, Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас, шу билан бирга, шарафли бурчни бажаришга шай турган ҳарбий хизматчиларга букилмас ирода, юксак матонат ва куч-ғайрат ҳамроҳ бўлишини таъкидлаб, ҳарбий хизматчиларга янги ўқув йилида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик фанларини пухта ўзлаштириш ва жанговар хизмат вазифаларини муваффақиятли бажаришлари юзасидан устувор вазифалар белгиланди.
Янги ўқув йили – бу нафақат билим ва кўникмаларни янгилаш даври, балки ҳар бир ҳарбий хизматчининг ўз устида ишлаши, касбий маҳоратини янада мустаҳкамлаши, Ватанга садоқатини амалда намоён этиши учун муҳим имкониятдир.
ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги



