Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди
2026-05-05 17:00:00 / Янгиликлар

Беларус Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкам тарзда олиб борилмоқда.
Навбатдаги ташриф ҳам мазкур алоқаларни истиқболли давом эттиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Дастлаб, делегация раҳбари Беларус Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи полковник Олег Ларен ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари полковник Рустам Мирзаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир жараёнида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидлаган ҳолда, амалий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, ходимлар малакасини ошириш, коррупцион жиноятларга қарши курашиш, ўзаро тажриба алмашиш борасидаги масалаларни муҳокама қилдилар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ташриф иштирокчиларига Тошкент шаҳар ИИББга ташриф буюриб, бу ерда ташкил этилган вазиятлар маркази, тизимни рақамлаштиришда эришилган ютуқлар билан танишдилар, меҳмонларга пойтахт ҳудудида хавфсиз туризмни таъминлашда йўлга қўйилган хизмат фаолияти намойиш этилди.




