Тўйхат ўрнида. Оловларда тобланган умр
2026-05-03 12:40:00 / Янгиликлар

Тақдир кимгадир осуда меҳнат фаолиятини раво кўрса, кимгадир хавф-хатар билан юзма-юз келиш баробарида мардлик кўрсатиш қисматини битади. Истеъфодаги подполковник Қодиржон Жўраев ана шундай шарафли, аммо ниҳоятда машаққатли йўлни танлаган, ўз ҳаётини эл-юрт осойишталиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга бағишлаган инсонлардан биридир.
1951 йилда Тошкентнинг зиёли хонадонларидан бирида туғилган Қодиржоннинг феъл-атворида отаси — Носир аканинг букилмас қатъияти ҳамда онаизори Мунаввар опанинг чексиз меҳри, фидойилиги мужассам эди. Ундаги интилиш ва қатъият Тошкент авиация техникумини имтиёзли диплом билан тамомлашига, сўнгра ҳарбий хизматда тобланишига замин яратди. Ҳарбий хизматдан «сержант» унвони билан қайтган шижоатли йигитнинг олдида катта ҳаётнинг кенг уфқлари намоён эди.
1973 йил лавҳамиз қаҳрамонининг ҳаётида туб бурилиш бўлди. Ички ишлар идоралари тизимига, хусусан, ёнғин хавфсизлиги соҳасига қадам қўйган ёш мутахассис ўз фаолиятини ўт ўчирувчи сифатида бошлади. Қалбидаги илмга чанқоқлик уни аввал Тошкент политехника институти, сўнгра ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби сари етаклади.
Хизмат йиллари давомида Қодиржон ака тажрибали устозлардан сабоқ олди. Унинг учун жиловланган ҳар бир аланга — шунчаки касбий вазифа эмас, балки инсонлар ҳаёти ва давлат мулкини асраб қолишдек муқаддас бурч эди.
Қодиржон Жўраевнинг юксак профессионаллиги ва ташкилотчилик салоҳияти раҳбарият томонидан муносиб баҳоланиб, у Давлат ёнғин назорати бўлими бошлиғи ўринбосари, кейинчалик эса Транспорт ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи каби масъулиятли лавозимларга тайинланди.
Чорак асрдан зиёд шарафли хизмат фаолияти давомида кўп маротаба тақдирланган, «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» кўкрак нишони соҳибига айланган Қодиржон Жўраев бугун пенсияда. Шунга қарамай, ҳамон сафда. У айни пайтда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Фахрийлар кенгашининг фаол аъзоси сифатида ёш ходимларга ўз бой тажрибасини, касб сирларини беминнат ўргатиб келмоқда.
Бугун Қодиржон Жўраевнинг ўнлаб шогирдлари республиканинг турли гўшаларида эл тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилишяпти. Зеро, фидойи устоз учун энг олий мукофот — шогирдлар камолидир.
Яқин кунларда табаррук 75 ёшни қаршилайдиган лавҳамиз қаҳрамонига мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва оилавий тотувлик тилаб қоламиз. Улуғ ёшингиз қутлуғ бўлсин, азиз устоз!
Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант. “Постда”
