Тошкент шаҳар Чилонзор туманида «Долзарб 20 кун» тадбири бошланди
2026-05-03 12:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Чилонзор туманида амалга оширилган ишлар, криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда манзилли йўналишлар белгилаб олинди.
Бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва туманда хавфсиз муҳитни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 май кунидан 20 майига қадар мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамкорлигида кенг қамровли «Долзарб 20 кун» махсус профилактик тадбири бошланди.
Бош бошқарма ва туман бўлимларидан хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ҳамда вояга етмаганлар бўйича инспектор-психологлардан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилди. Ишчи гуруҳга оила-турмуш доирасида жиноят содир этишга мойил бўлган, судлар орқали низолашаётган оилалар аниқланиб, манзилли профилактик тадбирлар амалга оширилиши, бундай оилаларни яраштириш ва келишувга эришиш чораларини кўриш, зарур ҳолларда ҳимоя ордери расмийлаштириш, мажбурий реабилитация дастурларини қўллаш каби вазифалар юклатилди.
Шунингдек, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар, ёлғиз аёлларга ёрдам кўрсатиш, ҳар бир содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари сайёр суд мажлисларида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама қилинишига эътибор қаратилади. Бундан ташқари туман маҳаллаларида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат хавфсизлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Мазкур тадбирнинг ўтказилиши пойтахтимизнинг энг гавжум, кўп миллатли, саноат ва ишлаб чиқариш, йирик савдо марказлари жойлашган туманда ўтказилиши бежиз эмас. Бу тадбир туманда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлашга хизмат қилиб, «Хавфсиз шаҳар» мақомини яратишга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



