Тошкент шаҳар Юнусобод туманида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди
2026-05-03 12:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтимиз ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Хусусан, пойтахт ИИО ФМБларда жорий йилнинг биринчи чорагида ИИББ раҳбарияти томонидан ҳудудларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб олдини олиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари тарқалиши, ноқонуний айланмаси, кибермаконда содир этилаётган кибержиноятларга қарши кураш ҳамда қатор кенг қамровли профилактик тадбирларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинмоқда.
Куни кеча пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИО ФМБда ҳам соҳавий хизматлар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, прокуратура ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, туман раҳбарияти, соҳавий хизмат масъуллари иштирок этишди. Маърузачилар туманда 28 та маҳаллада жиноят содир этилмагани, 24 та маҳаллада жиноятлар сони камайгани ижобий динамикани кўрсатиши, бироқ булар ортида камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлигини таъкидлаб ўтишди.
Хусусан, профилактик тадбирлар: аҳоли – ёшлар, хотин-қизлар, пробация ҳамда профилактик рўйхатда турувчи шахслар билан манзилли ишлаш йўналишида маҳалла еттилиги ҳамкорлигидаги камчиликларга урғу берилди. Мулкий ва маиший жиноятлар сонининг ошгани, электрон тизимлар билан ишлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг жамоат иштирокида муҳокамаси, таъсир чораларини қўллаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали уларни олдини олишдаги камчиликлар таъкидланди. Йўл қўйилган камчиликлар шахсий таркиб ўртасида кенг муҳокама қилиниб, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг ўз вазифасига виждонан ва масъулият билан ёндашиши, хавфсиз муҳитни яратишда муҳимлиги эслатиб ўтилди.
Йиғилиш сўнгида юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, масъулиятни ошириш, куч ва воситалардан тўғри ва самарали фойдаланиш, тумандаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жамоат тартибини намунали ташкил этиш бўйича истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



