Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси қидирувдаги шахснинг экстрадициясини таъминлади
2026-05-03 11:10:00 / Янгиликлар

Интерпол йўналишидаги тизимли ишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Интерпол Миллий марказий бюроси хорижий ҳамкорлар билан ўзаро амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижасида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини экстрадиция қилди.
Қидирувдаги шахс Ўзбекистон ММБ Интерпол каналлари орқали ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этганлиги учун қидирувга берилган эди. Унинг жойлашган манзилини аниқлаш ва қўлга олишни ташкил этиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хорижий давлатларнинг Миллий марказий бюролари билан доимий ахборот алмашинуви ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таъминлади.
Интерполнинг Тбилиси шаҳридаги Миллий марказий бюроси билан ўтказилган мувофиқлаштирилган тадбирлар натижасида қидирувдаги шахс Грузия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди.
Халқаро қидирувни эълон қилишдан тортиб, экстрадицияни амалда ижро этишгача бўлган барча босқичларда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ушбу жараённи ташкилий-ҳуқуқий ва ахборот жиҳатдан амалга оширди.
Грузия Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг илтимосномасини қаноатлантиргач, экстрадиция қилинган шахс Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари бевосита иштирокида кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун Тошкент шаҳрига олиб келинди.
Ушбу натижа Интерполнинг халқаро воситаларидан фойдаланишнинг юксак самарадорлиги ҳамда Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси жазо муқаррарлигини таъминлаш ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда муҳим ўрин тутишининг яққол тасдиғидир.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси

