Сирдарё тажрибаси: Янгиерда киберхавфсизлик маркази ташкил этилади, ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-05-03 10:45:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, замонавий таҳдидларга муносиб жавоб қайтариш ҳамда аҳоли орасида киберсаводхонликни ошириш бўйича белгилаб берган устувор вазифалари ижроси доирасида Сирдарё вилоятида яна бир муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида Янгиер шаҳрида «Сунъий интеллект ва киберхавфсизлик» маркази ташкил этилмоқда.
Мазкур марказ «Сирдарё тажрибаси» асосида йўлга қўйилиши режалаштирилган бўлиб, у дунёнинг илғор давлатлари — АҚШ, Туркия, Япония, Франция, Сингапур ва Эстония тажрибаларига таянган ҳолда шакллантирилиши кўзда тутилган.
Тадбирда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда олий таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этди.
Қайд этилганидек, марказ фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилиши режалаштирилган. Дастлаб давлат ташкилотлари ходимларининг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари оширилади. Кейинги босқичларда хусусий сектор ва нодавлат ташкилотлар вакиллари қамраб олинади.
Энг муҳими, тайёрланадиган мутахассислар ўз иш жойларида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш орқали аҳоли ўртасида киберхавфсизлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбир давомида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ва кутилаётган натижалар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, тадбир якунида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент кимё-технологиялар институти Янгиер филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандумга кўра, марказда келгусида иштирокчилар кибержиноят турлари, уларни содир этиш усуллари, замонавий ҳимояланиш чоралари ҳамда самарали тарғибот механизмларини ўрганиши режалаштирилган.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




