Кўрик-танлов. Соғлом оила — жамият таянчи
2026-05-02 23:05:00 / Янгиликлар

Вазирлик марказий аппаратида ўтказилган тадбирда соҳавий хизматларда фаолият юритаётган тўрт нафар ходим ўз оиласи билан қатнашди. Иштирокчилар «Таништирув», «Бу — менинг оилам» ҳамда «Биз — китобхон оиламиз» шартлари бўйича нафақат ўз билим ва истеъдодларини, балки актёрлик маҳоратларини ҳам намойиш этдилар.
Танловнинг биринчи шартида оилалар миллий рақс, шеър ва қўшиқлар орқали намунали оиланинг диққатга молик жиҳатларини, эришган ютуқларини ифодалаб бердилар. Иккинчи шартда эса оилавий фотоальбомлар ҳамда оиланинг жамиятдаги ўрни, касбий фаолияти, ўзаро муносабатлари, анъана ва қадриятларини акс эттирувчи видеороликлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Танловнинг якуний шартида иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиётининг буюк намоёндалари қаламига мансуб дурдона асарлар юзасидан берилган саволларга жавоб бериб, ўзларининг китобхонлик салоҳиятини намойиш қилдилар.
Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, биринчи ўринга ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти муҳим топшириқлар бўйича инспектори, майор Ихтиёр Абдуллаев оиласи муносиб деб топилди ва кўрик-танловнинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Иккинчи ўринни эса вазирлик Тезкор-қидирув департаменти Жиноят-қидирув хизмати Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан Қобилжон Халилов оиласи эгаллади. ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, катта лейтенант Баҳодир Бурхонов оиласига учинчи ўрин насиб этди. Вазирлик Молия ва моддий техника таъминоти департаменти Техник таъминлаш маркази катта техник мутахассиси, сержант Жасур Ўтаев эса «Ибратли оила бошлиғи» номинацияси ғолиби деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
