Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили EХҲТ Одам савдосига қарши курашиш Альянсининг юқори даражадаги 26-конференциясида иштирок этди
2026-05-02 18:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20-21 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Венада (Австрия) бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (EХҲТ) Одам савдосига қарши курашиш Альянсининг “Мажбурий жиноятчиликнинг ўсиши: хавфсизлик тизимидаги кўринмас ҳудудни бартараф этиш“ мавзусидаги 26-конференциясида иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади – инсонларни жиноий фаолиятга жалб қилиш орқали улардан фойдаланиш мақсадидаги одам савдоси муаммоси кўлами ва тенденцияларини таҳлил қилиш, жумладан рақамли технологиялар ва молиявий излар, жиноий тармоқлар томонидан қурбонларни танлашда қўлланилаётган мураккаблашиб бораётган усулларни кўриб чиқиш.
Альянс конференциясида EХҲТга аъзо 57 та давлат ва ҳамкорлик бўйича 11 та ҳамкор, Альянс ҳамкори бўлган йирик халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда одам савдоси билан боғлиқ вазиятни бошдан кечирган экспертлар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистонда одам савдоси ва болаларни жиноий фаолиятга жалб қилишнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2025 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилгани, Ўзбекистон Республикасининг Одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва Ўзбекистон Республикасининг Одам савдосига қарши курашиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси“ қабул қилингани, Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси доирасида вояга етмаганларни гиёҳвандлик жиноятларига жалб қилиш оғир жиноят деб топилгани, шунингдек, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилгани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари ўз ихтиёрига қарши жиноий фаолиятга жалб қилинган шахсларга нисбатан “жавобгарликка тортилмаслик“ тамойилини қўллаш, уларни эрта аниқлаш ва тизимли ижтимоий реинтегратсия қилиш масалалари бўйича тажриба алмашди.
Анъанавий тарзда 10 йил давомида ўтказиб келинаётган Одам савдосига қарши курашиш Альянснинг бу йилги конференцияси янги глобал хавф-хатарларга нисбатан самарали механизмларни ишлаб чиқиш, инновацион ёндашувларни тобора кучайтирилган ҳолда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.







