Спортни сев, спорт билан яша! Ғалаба — меҳнат ва сабр меваси
2026-05-01 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиш юксак масъулият ва метин интизомни талаб этади. Наманган вилояти ИИВ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходими, катта сержант Икромжон Адашев нафақат ўз хизмат вазифасига содиқлиги, балки спорт оламидаги юксак натижалари билан ҳам эл назарига тушган.
Қўл жанги ва универсал жанг сирларини мукаммал ўрганган Икромжон бугун халқаро тоифадаги спорт устаси даражасига кўтарилди. 2020 йилдан буён миллий терма жамоа таркибида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Мен учун спорт — ҳаёт мактаби. Рингдаги ғалаба машқ залидаги меҳнат ва сабрнинг мевасидир. Ҳар гал халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилганда, зиммамдаги ва Ватаним олдидаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қиламан, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Икромжон Адашевнинг 3 карра Марказий Осиё ва 2 карра жаҳон чемпиони бўлишида мураббийси, ИИВ «Динамо» ЖТСЖ вилоят кенгаши раиси ўринбосари, подполковник З. Умрзаковнинг ҳиссаси жуда катта. Устози ҳақида гапирганда, спортчи алоҳида эҳтиром билан тўхталади:
Эришган ҳар бир муваффақиятимда устозимнинг беқиёс хизматлари бор. Грузия, Туркия ва Қирғиз Республикаси каби мамлакатларда кечган мураккаб жангларда уларнинг тактик кўрсатмалари ва руҳий далдаси менга куч бағишлади.
У нафақат спорт сирларини, балки ҳақиқий офицер бўлиш, юртни фидойиларча севиш фазилатларини ҳам сингдириб келмоқда.
Бугун Икромжон нафақат рингда рақибларини мағлуб этмоқда, балки ички ишлар органлари сафида эл осойишталигини сақлашдек шарафли вазифани ҳам аъло даражада бажариб келмоқда.
Шундай мард ўғлонларимиз бор экан, халқимиз тинчлиги мустаҳкам, юртимизнинг спортдаги довруғи эса ҳамиша баланд бўлаверади.
©️ “Postda” газетаси, Жаҳонгир Тўхтасинов, Наманган вилояти
