Сафарингиз бехатар бўлсин. «Мискин» бекати посбонлари
2026-04-30 14:50:00 / Янгиликлар

Мамлакат иқтисодий артерияси ҳисобланган темирйўлларда минглаб йўловчилар ҳамда юкларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида ва бешикаст етиб бориши тизимдаги тартиб-интизом ва хавфсизлик чораларига боғлиқ.
Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда унинг таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда йўловчи ва юк поездларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ходимлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, кечаю кундуз сергаклик билан хизмат олиб бормоқда.
Бошқарманинг «Мискин» бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси хизмат ҳудуди 172 километрни ташкил этади. Унда 3 та темирйўл вокзали, 6 та бекат, 1 та разъезд ҳамда 17 та автомобиль ва темирйўл кесишмалари мавжуд.
Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида бўлинма ходимлари томонидан темирйўл объектларида содир этилган турли ҳуқуқбузарликлар бўйича 195 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Мисол учун, март ойида «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири давомида Урганч темирйўл корхонасидан чиқаётган фуқаро Ж.Б.га тегишли «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, текширилди. Текширув жараёнида унинг юкхонасида 210 литр дизель ёқилғиси ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетилаётгани аниқланди.
Шунингдек, ўтган даврда қидирувда бўлган 1 нафар шахс қўлга олинди. «Профилактика куни» доирасида «Хавфсиз ҳудуд», «Ёшлар орасида психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар тарқалишига қарши курашиш», «Коррупцияга қарши курашиш» каби тадбирлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, «Темирйўлларда хавфсиз кун» тадбири хавфсизликни таъминлашнинг самарали механизмига айланган. Ушбу жараёнда профилактика ва патруль-пост хизмати ходимлари ҳамкорликда темирйўл изларини кўздан кечириб, яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли билан мулоқот олиб бормоқда. Бу эса ҳудудда доимий назоратни таъминлаб, хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
— Ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш умумий вазифадир. Шу боис жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ИИБ ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, қўриқлаш бўлинмалари ҳамда темирйўл корхоналари ходимлари билан ҳамкорликда хизмат олиб борилмоқда, — дейди «Мискин» бекатида ХТБ бошлиғи, подполковник Байназар Алламжаров.
Айрим ҳолатларда эҳтиётсизлик оқибатида темирйўлларда бахтсиз ҳодисалар юз бериб туради. Бунинг олдини олиш мақсадида 19 та огоҳлантирувчи баннер ўрнатилиб, аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, «Мискин–Нукус» темирйўл перегони атрофида ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмоқда.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз.
«Постда», Қорақалпоғистон Республикаси
