94 мингдан фақат 419 таси: Ички ишлар органлари сафи янги авлод кадрлари билан тўлдирилмоқда
2026-04-30 14:00:00 / Янгиликлар

ИИВ Малака ошириш институтида бошланғич касбий тайёргарлик курсини навбатдаги 419 нафар тингловчи битирди.
Ўқув жараёнлари замонавий ёндашув асосида йўлга қўйилиб, назария амалиёт билан уйғунлаштирилди. Интерфаол машғулотлар — баҳс-мунозара, семинар-тренинг ва амалий дарслар орқали тингловчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди. Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш таълим сифатини оширди.
Тайёрлов давомида касбий, ҳуқуқий, жисмоний ва психологик тайёргарлик комплекс ривожлантирилди. Мураккаб вазиятлар видеокейслар орқали таҳлил қилиниб, амалий ечимлар ишлаб чиқилди.
Тадбирда ички ишлар органларини замонавий ва профессионал тизимга айлантириш борасидаги ислоҳотлар таъкидланиб, битирувчиларга хизматда масъулият ва фидойилик тиланди.
Маълумот ўрнида, 2025-йилда ИИОга хизматга кириш истагида 94 160 нафар ёш рўйхатдан ўтди. Шулардан 2 200 нафари белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, саралаб олинди. Уларнинг 419 нафари бошланғич тайёргарликни якунлаб, ҳудудларга хизматга йўналтирилди. Қолган номзодлар эса айни пайтда дастлабки ўқув жараёнларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ИИОга хизматга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3413-сон қарори ҳамда ИИВнинг 2023-йил 2-ноябрдаги 601-сонли буйруғи асосида амалга оширилади.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Ахборот хизмати







